Dam olishlarsiz ishlaymiz! |
Ташқи қулоқ – қулоқ супраси ва ташқи эшитув йўлидан иборат. Ўрта қулоқ – чакка суяги ичида жойлашган бир қанча катакчалардан ташкил топган. Ички қулоқ – янада мураккаброқ бўлганлиги учун лабиринт номини олган. Ташқи эшитув йўли тери билан қопланган ва ташқи муҳит билан бевосита боғлиқ. Меъёрда ташқи эшитув йўлида туклар (сочлар) ва қулоқ кири (сера) мавжуд. Узоқ вақт бассейнда (душда, сув ҳавзаларида) чўмилганда қулоққа сув кириб, ушбу кирнинг “бўкиб қолиши” ва терининг яллиғланишига ёки ташқи диффуз отитга ёҳуд соч пиёзчалари яллиғланишига – қулоқ чипқонига сабабчи бўлади.
Кейинчалик чипқон “пишганда” ёрилади, қулоқдан йиринг келиши ва эшитишнинг пасайиши кузатилади. Агар беморда қандли диабет, аллергия, гижжа, экссудатив катарал диатез, микоз, анемия, рахит, гипотрофия каби касалликлар бўлса хасталик анча оғир ўтиши мумкин. Ташқи отитлар қулоқни кавлаш, ҳашаротлар кириши ва чақиши, куйиш (термик ва кимёвий), совуқ уриши натижаси ҳам бўлиши мумкин.
Касалликнинг олдини олиш учун чўмилгандан сўнг қулоқни яхшилаб сальфетка билан қуритиш даркор ва 3 фоизли борат кислотасидан 4-5 томчини пипетка билан қулоққа томизиб дезинфекция қилиш мақсадга мувофиқ. Қулоқда оғриқ пайдо бўлса оториноларинголог шифокорга мурожаат қилиш зарур. Бурун ва ҳалқумдаги яллиғланишлар бевосита ўрта қулоққа тарқалади. Гўдак болаларда эса ушбу най катталарга нисбатан калта, горизонтал жойлашган ва кенг. Шунинг учун, бурундаги хилт (мишиқ) инфекцияси осонгина ноғора бўшлиғига ўтади. Одатда ўткир ўрта отитлар синуситлар, ОРВИ, ОРЗ, грипп, аденовирус, риновирус, қизамиқ каби юқори нафас йўлларининг ўткир касалликлари (тумов) асорати сифатида кузатилади. Бу касаллик аденоидлар вегетацияси, бурун тўсиғи қийшиқлиги, сурункали тонзиллит туфайли ҳам ривожланади. Ўткир ўрта отитларни даволашда эса ушбу ҳолатни ҳисобга олмасдан чора-тадбирлар кўрилиши самара бермаслиги мумкин. Яъни, аввало бурунни даволаш керак, кейин қулоқни.
Тегишли даво чоралари қўлланилмаса касаллик сурункали тус олиб, ноғора пардасида турғун (доимий) тешик пайдо бўлади. Айрим ҳолларда, болада оғир асоратлар мастоидит (суяк чириши), юз нервининг фалажи, менингит (мия пардалари яллиғланиши), сепсис (қонга микроб ўтиб кетиши) ривожланиши ҳам мумкин. Бундай беморлар касалхона шароитида даволаниши лозим. Аденоидлар ва бурун тўсиғи қийшиқликлари жарроҳлик йўли билан бартараф этилади.
Тумовдан сўнг касаллик ривожланишини назарда тутган ҳолда чақалоқ ўсаётган уйда бурунга томизиш учун доим дори қутида бурун томчи дорилари: 1-2 фоиз протаргол ва 0,05 фоиз нафтизин эритмаси ва қулоқ томчилари: 3 фоиз борат кислота эритмаси бўлишини тавсия қиламиз. Бурун томчиларини бошни орқага ва ёнга эгган ҳолда пастки бурун катагига томизиш лозим. Бунда дори препаратлари буруннинг ён девори орқали эшитув найининг оғзидан оқиб ўтганлиги учун евстахий найининг ўтказувчанлиги тикланади ва ўрта қулоқ бўшлиқларидаги йиринг табиий йўллар орқали, ноғора пардаси тешилмасдан чиқиб кетади.
Қулоққа пиликчалар ёрдамида 3 фоиз борат кислотасининг спиртли эритмасидан қўйиш лозим. Ушбу спиртли эритма компресс вазифасини ўтаб, ўрта қулоқнинг қон билан таъминланишини яхшилайди ва оғриқни камайтиради. Оғриқнинг камайиши ўрта қулоқдаги йирингнинг босимини камайтириш ҳисобига кузатилади. Агарда қулоқдан йиринг келаётган бўлса, борат кислота ишлатилмагани маъқул. Чунки бу эритма ноғора пардасидаги “тешик” (перфорация) орқали шиллиқ парда билан қопланган ноғора бўшлиғига киради ва қаттиқ ачиштиради. Поликлиника шароитида врач томонидан бурунга дорилар киритиш жуда самара беради.
Демак, боладаги қулоқ оғриғига бепарво бўлмаслик ва уни албатта мутахассис шифокор тавсияларига кўра даволаш зарур.
Toshkent sh., Yunusobod 8-kvartal, 39-uy |
Dam olishlarsiz ishlaymiz! |