Dam olishlarsiz ishlaymiz! |
Қулоқ касалликлари
Қулоқ касалликлари – қулоқнинг туғма нуқсонлари, шикастланиши ва касалликлари. Туғма нуқсонларига: ташқи эшитув йўлининг битиб кетиши (атрезиялар), қулоқ супрасининг яхши ривожланмаганлиги (миротия), яъни кемтик бўлиши (халқда чиноқ дейилади) ё бутунлай бўлмаслиги (анотия); ўрта қулоқда, асосан, ноғора бўшлиғидаги суяк тўқимасининг ўсиб кетиши, эшитув суякчалари бўлмаслиги ёки уларнинг ўзаро бирикиб кетиши; ички кулоқда Корти аъзосининг йўқлиги ёки тўла ривожланмаганлиги ва бошқа(лар) киради. Ташқи қулоқ шикастлари, масалан, қулоқ супрасининг лат ейиши (аксари спорт травмси), унинг тери ости ёки тоғай пардасига қон қўйилиши (гематома) кўп учрайди. Калла суяги оғир жароҳатланганда, одатда, ўрта ва ички қулоқ шикастланади. Ҳаддан зиёд кучли овоз ёки узоқ вақт шовқин таъсир этиши – акустик травма, шунингдек, юқори даражадаги босимнинг бирдан пасайиши (баротравма) оқибатида ички қулоқ зарарланади. Қулоқ сариғи (қулоқ кири, чирк ҳам дейилади)нинг кўп ажралиши (ҳамда ташқи эшитув йўлига тикилиб қолиши) ташқи қулоқнинг кенг тарқалган (яллиғланисиз ўтадиган) касалликларидан. Қулоқ супраси терисида экзема, сарамас, чип-қон, замбуруғ касалликлари (отомикоз) ҳам кузатилиши; ўрта қулоқ билан ички қулоқни бирлаштириб турадиган овал дарча соҳасидаги суяк тўқимасининг ўсиб кетиши натижасида эшитиш хусусияти тобора пасайиб бориши мумкин (қ. Отосклероз). Ички қулоқнинг яллиғланишсиз кечадиган касалликлари интоксикация, қон айланиши, вегетатив нерв тизими ва эндокрин безлар фаолиятининг бузилиши оқибатида келиб чиқади. Қулоқнинг яллиғланиш билан ўтадиган хасталиклари отит деб аталади (қ. Қулоқ оғирлиги, Қулоқ шанғиллаши). Касалликка ўз вақтида даво қилиб, бемор шифокор буюрганларини қатъий бажарса, у, кўпинча, тузалиб кетади; аксинча, врач кўрсатмаларига амал қилинмаса ёки ҳар ким ўз билгича даволанса, яллиғланиш сурункали тус олиши, шунингдек, менингит, сепсис, мия тўқимаси абсцесси каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Аксарият, инфекцион касалликлар (грипп, менингит, қизамиқ, тепки), шунингдек, антибиотикларни назоратсиз ишлатиш (асосан, ўз билгича даволаш), хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмаслик, шахсий ҳимоя воситаларидан фодаланмаслик ва бошқа(лар) қулоқ оғирлиги ва карликка сабаб бўлади.
Қулоққа ёт жисмлар – тугмача ва бошқа(лар) тушиши (хусусан, болаларда) ва майда ҳашаротлар кириб кетиши тез-тез учраб туради. Қулокдан ёт жисмларни фақат врач чиқариб олиши лозим, ўз билгича уриниш ёт жисмни ичкарига итариб юбориши ва уни олишни қийинлаштириши мумкин. Қулоқ шикастланиши орасида қулоқ супрасини совуқ уруши кўп учрайди. Қулоқни фақат косметик кабинетда тештириш керак, акс ҳолда, қулоқ супрасига инфекция кириб, уни яллиғлантириши мумкин. Қулоқ касалликларининг олдини олиш ва эшитиш фаолиятини асрашда бурундан нормал нафас олишнинг аҳамияти катта. Шу боис айниқса, болаларда аденоид, полип, гайморит ва ҳ. к. ни ўз вақтида даволаш, бурун тўсиғи қийшиғини бартараф этиш зарур.
Toshkent sh., Yunusobod 8-kvartal, 39-uy |
Dam olishlarsiz ishlaymiz! |